Institut nizomi

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг

2020 йил 29 августдаги 135-сонли

буйруғига 4а-илова

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг

УСТАВИ

I. Умумий қоидалар

1. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти (кейинги ўринларда “Институт” деб аталади) Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги ПҚ-4795 сонли қарорига асосан ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5708-сонли Фармони, 2019 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4292-сонли қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 571-сонли қарорига мувофиқ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таркибида бўлиб, бевосита вазирликка бўйсунади.

2. Институт давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, олий таълимнинг асосий ва қўшимча таълим дастурларини бажариш бўйича таълим фаолияти билан шуғулланади. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув-педагогик ва илмий-методик ва бошқа фаолиятни амалга оширади ҳамда таълим хизматларини кўрсатади.

3. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва мазкур Уставга амал қилади.

4. Институт юридик шахс ҳисобланади. Оператив бошқарувида ўзига хос махсус мол-мулкка эга ва ушбу мол-мулк бўйича ўз мажбуриятларига мувофиқ жавоб беради, ўз номидан мол-мулк сотиб олиши ва мулкий ҳамда номулкий ҳуқуқларни амалга ошириш, зиммасига мажбурият олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа, шу жумладан, валюта бўйича ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штамплар ва бошқа реквизитларга эга.

Тошкент ш. МБ Бош бошқармаси ХККМ”,

МФО: 00014, ИНН: 201122919

ш.х.р.: 1000 108600 3203 7094 100 082 001, ИНН: 200258091

Andijon qishloq xo’jaligi va agrotexnologiyalar instituti

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти

Андижанский институт сельского хозяйства и агротехнологий

Andijan Institute of Agriculture and Agrotechnology

II. Институтнинг асосий вазифалари

5. Институтнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

шахснинг интеллектуал, маданий ва маънавий-аҳлоқий камол топишига бўлган эҳтиёжларини олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим босқичларида маълумот олиши орқали эришишни қондириш;

иқтисодиётнинг тегишли соҳалари бўйича олий маълумотли мутахассисларни ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

олий таълимдан кейинги таълим бўйича фаннинг фалсафа доктори, фан доктори ва мустақил изланувчи сифатида олий малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш;

жамиятнинг аҳлоқий, маънавий-маърифий, маданий ва илмий қадриятларини сақлаш ва бойитиш;

аҳоли ўртасида билимларни тарқатиш, унинг маънавий-маърифий ва маданий, ҳуқуқий даражасини кўтариш;

илмий-педагог ходимлар ва таълим олувчиларнинг илмий-тадқиқотлари ва ижодий фаолиятлари орқали фанни тараққий эттириш, олинган натижалардан таълим жараёнида фойдаланиш;

ҳар томонлама ривожланган ва содиқ шахсни, мустақил давлат фуқаросини ўз Ватани фидойиси, халқ, жамият ва оила олдидаги ўз масъулиятини ҳис қилувчи, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилувчи, халқ анъаналарини бойитувчи ва мустаҳкамловчи, Ватанимиз келажаги учун виждонан ва ҳалол меҳнат қилувчи этиб шакллантириш;

тегишли таълим йўналишлари бўйича ўқув-услубий мажмуаларини, ўқув-қўлланмаларини, дарсликларни, жумладан, электрон адабиётларни яратиш ва уларни ўқув жараёнларига тадбиқ этиш;

миллий иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари бўйича устуворликка эга бўлган ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва натижаларини амалиётга тадбиқ қилиш;

илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш ва бу ишларга талабаларни жалб этиш;

Институт бинолари ва унга тегишли объектларда умумий овқатланиш, ошхона, буфетларни ташкил этиш ва фаолиятини юритиш.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги
ПҚ-4795-сонли қарори билан Институтда
қишлоқ хўжалиги таълими ва илм-фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

қишлоқ хўжалигида инновацион ресурстежамкор технологияларни қўллаш, “ақлли қишлоқ хўжалиги” (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билимларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этиш;

илмий-тадқиқот институтлари билан манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;

Институтда ахборот-маслаҳат марказлари (extension center) орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича “ахборот-маслаҳат маркази – кафедра – қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси” тизимини жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар, талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлиги ва моддий манфаатдорлигини ошириш;

ўқув машғулотлари, малакавий амалиётларни ўтишда талабаларни инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган янги ўқитиш технологиялари ҳамда интерфаол услубларни, шу жумладан талабаларнинг мустақил изланишини таъминловчи механизмларни кенг жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги ва унинг тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг узвий тизимини яратиш, бириктирилган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари таълим дастурлари узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш;

5411500 – Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини бакалавриат таълим йўналишида таълимнинг кредит тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

2-босқич талабалари орасидан саралаб олинган иқтидорли талабалар учун таълимнинг алоҳида дастурлари асосида ўқитиладиган махсус гуруҳлар ташкил этиш. Бунда давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурлари хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилади;

қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларнинг мавсумийлигини инобатга олиб, диссертацияларда икки йиллик илмий-амалий дала тажрибаси натижаларининг қамраб олинишини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги магистратура мутахассисликлари ўқув жараёнини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан унинг асосланган таклифлари асосида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ишлаб чиқилган Давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини тасдиқлаш ҳамда ўқув жараёнига босқичма-босқич жорий этишни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга ошириш;

Институт профессор-ўқитувчилари ўқув, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий, ташкилий-методик ишлардан ташқари вазирлик ҳамда идораларнинг бошқа ишларига жалб этилмайди, шартнома доирасида кўрсатиладиган хизматлар бундан мустасно;

Институтда талабаларининг малакавий амалиётларини етакчи корхона, ташкилот ва қишлоқ хўжалиги кластерларида сифатли ўтказилишини таъминлаш ва мониторингини олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, ташаббускорлар маблағлари ҳисобига институтда “Кичик инновацион корхона”ларни ташкил этиш;

хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида синовдан ўтган тажрибаларни ўрганган ҳолда институтда раҳбар кадрлар ҳамда профессор-ўқитувчилар фаолияти самарадорлигининг баҳолаш тизимини жорий этиш.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4795-сонли қарори билан аграр соҳада илм-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, таълим жараёнига замонавий ахборот ва рақамли технологияларни жорий этиш, ҳудудларни ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда илғор хорижий тажриба ва агротехнологиялар бўйича етарли билим ва малакаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

Аграр таълимда бакалавриат таълим йўналишларида таълимнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш. Бунда, таълимнинг кредит тизимида талабалар учун ҳафтада беш кунлик ўқиш ҳамда ҳафтанинг шанба кунини мустақил ўзлаштириш куни деб белгилаш;

Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурларини аграр соҳа олий таълим муассасалари томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқлаш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳаси учун магистратура мутахассисликларида ўқиш муддатини 1 йил, илмий ва илмий-педагогик фаолият билан шуғулланувчи иқтидорли талабалар учун ўқиш муддатини 2 йил этиб белгилаш;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимларни тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда ўқиш муддатини сиртқи таълим шаклида 4 йил этиб белгилаш ҳамда тўлов-контракт миқдорини кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштириш;

Тажриба-синов тариқасида, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида бакалавриат таълим йўналишларининг сиртқи таълим шакли бўйича масофавий таълим олиш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш;

Хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдорини, истисно тариқасида, икки баробарга камайтириш;

Бакалавриат йўналишида касбий таълим (йўналишлар бўйича) бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

III. Ўқув-тарбиявий ва илмий-методик ишларнинг субъектлари,

уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

а) Талабалар:

7. Институтга қонунчиликда белгиланган тартибда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига эга бўлган шахслар аризаларига биноан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш тартиби ва қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тест синовлари натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.

Институтга қабул барча учун (грант, тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар тест баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар. Қонунчиликка мувофиқ тест синовларисиз муайян имтиёз асосида ҳам ўқишга қабул қилиш кафолатланади.

Амалдаги қонунчиликка асосан хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилади.

Шунингдек, институтга олий (иккинчи ва кейинги таълим) маълумотига эга бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги таълимни олиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ белгиланган квота доирасида ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Институт ректорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинган шахс институтнинг талабаси ҳисобланади. Талабага талабалик гувоҳномаси ҳамда рейтинг дафтарчаси бепул берилади.

8. Институтнинг талабалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фан, техника, замонавий технологиялар ютуқларига мос келувчи билимлар олиш;

Институт Ахборот-ресурс марказида мавжуд бўлган китоблар, даврий нашрлар, электрон таълим воситаларидан белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;

бепул маслаҳатлар ва тавсиялар олиш;

аудиториялар, таълим жараёнига оид воситалардан ўрнатилган тартибда бепул фойдаланиш;

таълим жараёни самарадорлиги ва таълим сифатини ошириш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини, танқидий фикрларини белгиланган тартибда таълим муассасаси, деканат ва кафедра раҳбариятига билдиришга ва уларни кўриб чиқилишини талаб қилиш;

Институт ва факультет миқёсида ўтказиладиган оммавий тадбирларда иштирок этиш;

илмий-тадқиқот ишларида ва илмий конференцияларда қатнашишга ва уларнинг натижаларини нашр этишга ва бу ҳақида ахборотлар бериш;

Институт қонуний равишда фаолият юритаётган жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиш ва уларнинг ишида қатнашиш;

ўқишдан ташқари вақтларда маънавий-маърифий, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа қонунчиликка зид бўлмаган жамоат ишларида иштирок этиш;

ўқишдан бўш вақтларида олий таълим муассасасининг ўзида, шунингдек, бошқа жойларда меҳнат қонунчилигига мувофиқ ишлаш;

сифатли ва юқори савияда билим олиши, танлаган ихтисослиги бўйича юқори малакали мутахассис бўлиб етишиш учун зарур бўлган қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш.

Талаба ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилмаслиги, бу ҳуқуқлардан ўзга шахслар манфаатига зид мақсадларда фойдаланмаслиги шарт.

9. Давлат грантлари бўйича ва тўлов-контракт асосида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шаклида таълим олаётган талабалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб ва миқдорда стипендия билан таъминланадилар (хорижий талабалар бундан мустасно).

Талабалар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат стипендиялари ва институт ички номдор стипендияларини олиш ҳуқуқига эгадирлар.

10. Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида талабага Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб асосида академик таътил берилиши мумкин.

11. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ кундузги ўқув шаклида таълим олаётган талабаларга институтда ўқиётган вақти давомида ҳарбий хизматга чақириш муддатини кечиктириш имкони берилади.

12. Институтнинг талабалар турар жойи сиғимидан келиб чиққан ҳолда муҳтож талабалар, институт талабалар турар жойларидан санитария меъёрлари ва қоидаларига жавоб берадиган жой билан таъминланади. Талабалар турар жойи учун тўлов талабалар турар жойларида коммунал-маиший хизматлар учун тўловларни инобатга олиб, Институт Кенгаши томонидан белгиланади.

Турар жойга муҳтож талабалар мавжуд бўлган ҳолда, институтнинг талабалар турар жойлари майдонидан бошқа мақсадларга фойдаланиш (ижарага бериш, бошқа келишувлар)га рухсат этилмайди.

13. Институтдан ўз хоҳиши ёки узрли сабабларга кўра, четлаштирилган талаба Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ва қоидалари асосида қайта ўқишга тикланиш ҳуқуқига эга.

Институтнинг талабалари белгиланган тартиб ва қоидалар асосида бошқа олий таълим муассасаларига ўқишларини кўчириш (ўқишга қайта тикланиш) ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим фаолиятини олиб бориш учун лицензияга эга бўлмаган нодавлат олий таълим муассасалари ва бошқа мамлакатлар олий таълим муассасаларининг филиаллари (марказлар, бўлимлар, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқалар)дан талабаларни институтга ўқишини кўчириш (ўқишга тиклаш) тақиқланади.

Талабалар ўқишини бир олий таълим муассасасидан бошқасига кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ва қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

14. Институт талабалари олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув дастурлари ва режаларида назарда тутилган билимларни эгаллашлари, топшириқларнинг барча турларини белгиланган муддатда бажаришлари зарур. Институтнинг уставига, ички тартиб қоидалари, одоб-аҳлоқ қоидалари ва талабалар турар жойлари қоидаларига риоя этишлари шарт. Талабалар турар жойи қоидаларига риоя этиш талаби ушбу талабалар турар жойида яшаётган талабаларга тааллуқли.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, талабаларни ўқиш вақти ҳисобидан таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ман этилади.

15. Талаба институтдан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:

а) ўз хоҳишига биноан;

б) ўқишнинг бошқа таълим муссасасига кўчирилиши муносабати билан;

в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссияси маълумотномаси асосида);

г) ўқув интизомини ва институтнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

д) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

е) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);

ж) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

з) суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда (ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди);

и) вафот этганлиги сабабли.

Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида талабага Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб асосида академик таътил берилиши мумкин.

Белгиланган муддатларда фанларни ўзлаштира олмаган (академик қарздор бўлган) талаба институт ректорининг буйруғи билан курсдан қолдирилади.

Институт маъмурияти ташаббуси билан (“е”) кичик бандларига кўра, талабаларни ўқишдан четлаштириш талабалар касаба уюшмасининг ёзма розилигини инобатга олган ҳолда (касаба уюшмаси аъзоси бўлган талабалар учун) амалга оширилади. Шунингдек, талаба мазкур Қоидаларнинг 15-банди “г” кичик бандига кўра, четлаштирилаётган ҳолда, таълим муассасасининг “Ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилоти билан ҳам келишилиши мумкин.

Интизомий жазога тортилаётган талаба ўзига қўлланилган жазо чорасининг қонунийлиги ва адолатлилиги юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят билан ректорга, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ёки бошқа ваколатли ташкилотларга мурожаат этиши мумкин.

Талабага нисбатан қўлланилган интизомий жазо юзасидан маълумот унинг шахсий йиғма жилдида сақланади.

Талаба институтдан четлаштирилганда, унга шахсий ҳужжатлари, белгиланган шаклдаги академик маълумотнома топширилади ва уларнинг нусхаси шахсий йиғма жилдда сақланади.

Интизомий жазо чоралар талабаларнинг касаллик ёки таътилда бўлган вақти ҳисобга олинмаган ҳолда хатти-ҳаракат аниқлангандан сўнг бир ойдан ва хатти-ҳаракат содир этилганидан сўнг олти ойдан кечиктирилмай қўлланилади. Талабалар касаллик пайтида, академик таътил ёки ҳомиладорлик ва туғиш ҳолати билан боғлиқ бўлган таътил пайтларда талабаларга интизомий жазо чораларини кўриш ман этилади.

Талаба касал бўлганлиги ўзи ёки унинг ота-онаси томонидан ёзма ариза билан бевосита деканатга, одатда, бир ҳафтадан кечиктирилмасдан маълум қилинади ва тиббий маълумотноманинг аслини такдим этади.

б) Тингловчилар:

16. Институт қошида малака ошириш ва қайта тайёрлаш марказида ўқиётган шахслар тингловчилар ҳисобланади. Тингловчиларнинг мақоми таълим хизматларини олиш қисми бўйича олий таълим муассассида мувофиқ ўқув шаклида таълим олаётган талабанинг мақоми билан тенглаштирилади.

Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тартиби, тингловчиларни ўқитиш шартлари ва ҳуқуқлари қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади.

в) Таянч докторант, докторант ва мустақил изланувчилар:

17. Институтнинг таянч докторантлари, докторантлари ва мустақил изланувчилари бўлиб, муайян йўналиш бўйича илмий-тадқиқот олиб бораётган фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини олиш учун диссертация тайёрлаётган шахслар ҳисобланади.

Олий ўқув юртидан кейинги таълимни ташкил этиш бўйича таянч докторантура фалсафа доктори (PhD), докторантура фан доктори (Doctor of Science) ва мустақил изланувчи сифатида давом эттириш амалдаги қонунчиликдаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

г) Институтнинг профессор-ўқитувчилари таркиби, ўқув-ёрдамчи ва маъмурий-хўжалик ходимлари (персонали):

18. Институтда профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий ходимлар, муҳандислик-техника, маъмурий-хўжалик, ишлаб чиқариш, ўқув-ёрдамчи ва бошқа хизматчилар лавозимлари мавжуд.

Профессор-ўқитувчилар таркибига кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи, ассистент ва ўқитувчи-стажёр лавозимлари киради (ўқитувчи-стажёр лавозими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги “Республика олий таълим муасассалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 164-сонли қарорига асосан киритилган).

19. Профессор-ўқитувчилар таркибидаги лавозимларни эгаллаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига педагогик фаолият самарадорлиги ва сифатини ошириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 246-сонли қарори) танлов асосида меҳнат шартномаси бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги
ПҚ-4391-сонли қарорига
мувофиқ:

а) Институтнинг ректори Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

б) проректор тавсиясига асосан бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, бунда:

ўқув ишлари бўйича проректор лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;

ёшлар билан ишлаш бўйича проректор лавозимига номзод Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши;

илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади;

в) Институт:

ҳузуридаги илмий-тадқиқот муассасалари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш муассасалари раҳбарлари, академик лицейлар директорлари, бўйсунуви бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда ректор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

факультет деканлари ректор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

20.  Институтнинг профессор-ўқитувчилар таркиби ва илмий ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

белгиланган тартибда институт ва факультет Илмий кенгашларига сайлаш ва сайланиш;

институтнинг фаолиятига тааллуқли масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш;

институтнинг Ахборот-ресурс маркази, ўқув ва илмий бўлинмаларнинг хизматларидан, шунингдек, ижтимоий-маиший, тиббий ва бошқа бўлимлар хизматларидан жамоа шартномасига мувофиқ фойдаланиш;

ўқитишнинг услуб ва воситаларини танлаш, ўқув ва илмий жараённинг юқори сифатини таъминловчи илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

институт маъмуриятининг буйруқ ва фармойишлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда танловларда қатнашиш, лавозимларни эгаллаш;

хорижий ҳамкасбларнинг соҳага доир илмий ва ўқув-услубий адабиётлари билан танишиш ва улар билан фикр алмашиш;

назарий билимларини амалий тажрибасини, илмий-тадқиқот олиб бориш услубини, педагогик маҳоратини такомиллаштириб бориш;

талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш;

илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, фундаментал, амалий ва инновация лойиҳалари, хорижий илмий лойиҳалар ҳамда хўжалик шартномаларида иштирок этиш;

дарслик ва ўқув қўлланмалар тайёрлаш, монография ва илмий мақолалар ёзиш, ихтиро учун патент, АКТ учун дастурий маҳсулотларга гувоҳномалар олишларини амалга ошириш;

тасдиқланган режага мувофиқ илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, илмий-тадқиқот ишларининг муҳокамасида иштирок этиш ва уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, илмий ишлар натижаларини нашр этишга тавсия бериш;

таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлашда қатнашиш;

талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш;

хорижий етакчи олимлар, илмий марказлар ва таълим муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантиришда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасига оид қонунчилигида белгиланган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш.

21. Институтнинг профессор-ўқитувчилар таркиби ва илмий ходимларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

таълим тўғрисидаги қонунчилик, меҳнат ва ижро интизоми, институт Устави, Ички меҳнат тартиби ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиш, ўзининг хизмат вазифаларини виждонан бажариш ва ўқитувчилик шаънига доғ туширмаслик;

иш жараёнида мулоқот қиладиган муассаса ходимлари, талабалари ва бошқа шахслар билан хушфеъл муносабатда бўлиш;

иш берувчининг қонуний фармойишларини бажариш, ҳар йили тасдиқланадиган шахсий режа асосида ўқув-услубий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, хусусан:

а) ўқув юкламалари ҳажмини, ўқув-услубий, илмий ўқув-ташкилий ишларни тасдиқланган шахсий режа асосида бажариш ва маънавий-маърифий ишларда иштирок этиш;

б) илмий-тадқиқот натижалари бўйича дарслик, ўқув қўлланма тайёрлаш, ўқув адабиётлар, илмий мақолалар, монографиялар ёзиш, ихтиро учун патент, АКТ учун дастурий маҳсулотларга гувоҳномалар олиш;

в) таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлашда қатнашиш, талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш;

г) тарбиявий ишларни олиб бориш, талабалар билан маънавий-маърифий ишларда бевосита иштирок этиш, шу жумладан, дарсдан ташқари вақтларда ўтказиладиган тадбирларда қатнашиш;

д) институт Илмий кенгаши томонидан тасдиқланган, кафедрада бажариладиган илмий мавзуларда иштирок этиш;

е) ўз малакасини мунтазам равишда ошириш;

меҳнатни муҳофаза қилиш, техник хавфсизлик ва ишлаб чиқариш санитариясига доир қоидаларига риоя қилиш;

институтнинг мол-мулкини авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш;

иш берувчига бевосита ўзининг айби билан етказилган ҳақиқий моддий зарарни қоплаш;

институт жамоатчилик ишларида қатнашиш;

педагогик ва илмий жараённинг самарадорлигини таъминлаш;

замонавий цивилизация ва демократия шароитида таълим олувчиларнинг танлаган йўналиши (мутахассислиги) бўйича юксак касбий тайёргарликни, меҳнатга бўлган қобилиятни шакллантириш;

чет тили ва ахборот технологияларидан саводхонлигини ошириб бориш асосида камида бир ёки иккита хорижий тилни билиши;

таълим олувчиларда мустақил фикрлаш, ташаббускорлик, ижодий қобилиятни шакллантириш;

Устоз-шогирд” тизимида иштирок этиб, ўзига бириктирилган шогирдлар билан илмий, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни амалга ошириш;

ўзининг одоби, маданияти, маънавий савияси билан ўрнак бўлиш;

кийиниш маданиятига риоя этиш;

институт Илмий кенгашида тасдиқланган ички тартиб қоидаларига сўзсиз риоя қилиш;

республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жаҳонда рўй бераётган янгиликлардан хабардор бўлиш;

институт, факультет, кафедра томонидан ташкил этиладиган маданий, маънавий, маърифий тадбирларда фаол иштирок этиш;

ўзи ўқитадиган фан дастурини мунтазам фан ва техника ютуқлари асосида бойитиб бориш;

дарсларни юқори савияда ўтиш;

фан йўналишига тегишли янги манбаларни топиш ва улар билан талабаларни таништириб бориш;

ҳар ўқув йили бошлангунга қадар ўзи ўқитадиган фан(лар)нинг ишчи ўқув дастури, календарь режаси ва рейтинг назоратлари жадвалини ишлаб чиқиш ва кафедра мажлисида тасдиқлатиш;

рейтинг тадбирларини ўз вақтида ўтказиш;

талабалар билимини холисона баҳолаш;

янги педагогик технологияларни дарс жараёнида қўллаш;

илмий салоҳият ва педагогик маҳоратини ошириш;

талабалар илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш;

ўзининг мутахассислиги бўйича ишлаб чиқариш корхонаси ва муассасаларда мавжуд муаммолар ҳақида маълумот ва тасаввурларга эга бўлиши ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида мавжуд муаммоларнинг ечимига оид тадқиқот мавзусига эга бўлиши;

олиб бораётган тадқиқот мавзуси асосида ўз ёки ҳаммуаллифликдаги ишланма ва технологияларга эга бўлиши;

мутахассислиги бўйича таянч олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналарида тегишли муддатларда малака ошириб бориши ёки стажировкадан ўтиши;

олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашиш.

22. Институт профессор-ўқитувчи ва ходимларининг чет эл хизмат сафарлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2005 йил 13 апрелдаги 81-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларидан хорижий сафарларга бориш тартиби тўғрисида”ги муваққат Йўриқнома асосида амалга оширилади.

23. Институтнинг профессор-ўқитувчилари таркиби уч йилда камида бир маротаба малакасини ошириш кафолатини таъминлайди.

24. Институтнинг маъмурий-хўжалик, муҳандислик-техника, ўқув-ёрдамчи ва бошқа хизмат ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари институтнинг Ички тартиб ҳамда одоб-аҳлоқ қоидалари ва лавозим йўриқномалари билан белгиланади.

IV. Ўқув-таpбиявий ва илмий-услубий ишлар

25. Институт қуйидаги йўналиш ва мутахассисликлар бўйича олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг асосий таълим дастурлари, қўшимча таълим (кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш)нинг дастурларини амалга оширади:

1) Олий таълим (бакалавриат ва магистратура):

а) ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (бакалавриат) кундузги ўқув шакли:

йўналишлар номи:

йўналишлар номи:

5410100 – Агрокимё ва агротупроқшунослик;

5410200 – Агрономия (деҳқончилик маҳсулотлари турлари бўйича);

5410300 – Ўсимликларни ҳимоя қилиш (экин турлари бўйича);

5410400 – Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги (экин турлари бўйича);

5410500 – Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси (маҳсулот турлари бўйича);

5410600 – Зоотехния (турлари бўйича);

5410600 – Зооинженерия (балиқчилик);

5410800 – Ўрмончилик;

5410900 – Ипакчилик ва тутчилик;

5411000 – Мевачилик ва узумчилик;

5411100 – Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси;

5411200 – Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш;

5630300 – Қишлоқ хўжалигида экологик хавфсизлик;

5233100 – Агросаноатда бухгалтерия ҳисоби;

5411500 – Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини;

5411600 – Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик;

5233200 – Агрологистика;

5233300 – Агробизнес ва инвестицион фаолият;

5411800 – Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини стандартлаштириш
ва сертификатлаш;

5411700 – Иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш;

5411900 – Агробиотехнология;

5440100 – Ветеринария;

5230100 – Иқтисодиёт (қишлоқ хўжалигида);

5230400 – Маркетинг (қишлоқ хўжалигида);

5230900 – Бухгалтерия ҳисоби ва аудит (қишлоқ хўжалигида);

5232500 – Логистика (агрологистика);

5233300 – Агробизнес ва инвестицион фаолият;

5310900 – Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти (тармоқлар бўйича);

5311000 – Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (қишлоқ хўжалигида);

5320500 – Биотехнология (тармоқлар бўйича);

5410600 – Зооинженерия (асаларичилик);

5610300 – Туризм (агротуризм);

5630100 – Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси (қишлоқ хўжалигида).

5430300 – Қишлоқ ва сув хўжалигида техник сервис;

5430500 – Қишлоқ ва сув хўжалигида энергия таъминоти;

5450200 – Сув хўжалиги ва мелиорация;

5410600 – Зооинженерия: балиқчилик;

р/й – Қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялар;

р/й – Қишлоқ хўжалигида кооператив бошқарув;

р/й – Гидробиология;

р/й – Ихтиология;

р/й – Ветеринария медицинаси (ҳайвонот турлари бўйича);

р/й – Зооинженерия (қорамолчилик);

р/й – Агробизнес ва маркетинг.

р/й – Қишлоқ хўжалиги ҳуқуқи

б) магистратура

мутахассисликлар номи:

5А410101 – Агротупроқшунослик ва агрофизика (соҳалар бўйича);

5А410102 – Агрокимё;

5А410201 – Агрономия;

5А410202 – Ўсимликшунослик (экинлар гуруҳлари бўйича);

5А410301 – Ўсимликлар ҳимояси (усуллари бўйича);

5А410302 – Энтомология;

5А410303 – Фитопатология;

5А410401 – Селекция ва уруғчилик (экинлар гуруҳлари бўйича);

5А410501 – Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси (маҳсулотлари турлари бўйича);

5А410801 – Ўрмончилик;

5А410901 – Ипакчилик;

5А411001 – Сабзавотчилик ва полизчилик;

5А411002 – Мевачилик;

5А411003 – Узумчилик ва узумни дастлабки қайта ишлаш;

5А411004 – Картошкачилик;

5А411005 – Мева-сабзавотчиликда биотехнология;

5А411101 – Доривор ўсимликларни етиштириш технологияси;

5А411501 – Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини;

5А411201 – Аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштириш
ва ландшафтли дизайн;

5А411202 – Манзарали боғдорчилик;

5А411701 – Ҳимояланган ер мева-сабзавотчилиги;

5А411902 – Тутчилик;

5А411606 – Балиқчилик.

5А230102 – Иқтисодиёт (қишлоқ хўжалигида);

5А230901 – Бухгалтерия ҳисоби (қишлоқ хўжалигида);

5А232501 – Логистика (агрологистика);

5А233301 – Агробизнес ва инвестицион фаолият;

5А310901 – Маҳсулотлар хавфсизлиги ва уларнинг сертификацияси (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари);

5А320501 – Биотехнология (маҳсулот тури бўйича);

5А410203 – Органик деҳқончилик ва озиқ-овқат хавфсизлиги;

5А410304 – Ўсимликлар ҳимоясида мониторинг ва башорат;

5А410401 – Селекция ва уруғчилик (мева-сабзавот);

5А411702 – Субтропик ва цитрус мева экинлари;

5А630102 – Экология (қишлоқ хўжалигида).

5А430101 – Қишлоқ хўжалигини механизациялаш (тармоқлар бўйича);

5А450301 – Гидромелиорация ишларини механизациялаштириш;

5А450402 – Насос станциялари ва қурилмаларидан фойдаланиш ва ташхиси;

р/й – Агросаноатда бухгалтерия ҳисоби ва иқтисодий таҳлил;

р/й – Кластерларни бошқариш.

26. Институтда таълим асосий таълим дастурларини икки босқичда амалга оширади: бакалавриат ва магистратура.

Бакалавриат – таълим йўналиши бўйича фундаментал ва амалий билимлар берувчи, ўқиш муддати 4 йилдан кам бўлмаган таянч олий таълимдир.

Бакалавр дастурини тугатган битирувчиларга давлат аттестацияси якунлари бўйича таълим йўналиши бўйича “бакалавр” даражаси берилади ҳамда давлат намунасидаги диплом топширилади.

410000 – қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги таълим соҳаси бакалавриат таълим йўналишлари ўқув режасидаги юклама жами барча турдаги аудитория ва аудиториядан ташқари ўқув ишларини ўз ичига олган ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 54 соат қилиб белгиланади. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (кундузги) ўқиш шакли учун аудитория машғулотларининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 30 соатгача қилиб белгиланиши мумкин.

Магистратура – таълим йўналишининг муайян мутахассислиги бўйича фундаментал ва амалий билимлар берувчи, бакалавриат негизида, ўқиш муддати 2 йилдан кам бўлмаган олий таълимдир.

410000 – қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги таълим соҳасиинг давлат таълим стандартига кўра ўқишнинг меъёрий муддати 2 йил бўлганда ўқув жараётни 100 ҳафтани ташкил этиши, ўқишнинг меъёрий муддати 1 йил бўлганда, ўқув жараёни 48 ҳафтани ташкил этиши зарур. Ушбу ўқишнинг меъёрий муддатлари таълимнинг барча шаклларига (кундузги, кечки, сиртқи) тааллуқлидир.

Магистр дастурини тугатган битирувчиларга давлат аттестацияси якунлари бўйича тайёрланган муайян мутахассислик бўйича “магистр” даражаси берилади ва давлат намунасидаги диплом топширилади.

Бакалавр ва магистрлик давлат намунасидаги диплом унинг эгаларига касбий фаолият билан шуғулланиш ёки танланган таълим йўналишига ва мутахассислигига мувофиқ таълим муассасаларининг навбатдаги босқичларида ўқишни давом эттириш ёки эгаллаган мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқини беради.

Олий таълимнинг турли босқичида асосий таълим дастурлари бўйича дастлабки таълим олиш, иккинчи олий таълим олиш сифатида қаралмайди.

27. Институтда таълим жараёнини ташкил этиш, таянч олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқиладиган ва ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган ўқув режалари ва фанларнинг дастурлари, институт ректори (Ўқув ишлари бўйича проректор) томонидан тасдиқланган йиллик календарь ўқув жадвали ҳамда машғулотлар жадвали билан тартибга солинади.

Таълим жараёнини мақсадли йўналтириш йўли билан ташкил этиш, яъни таълим шакллари, услуб ва воситаларни танлаш йўли билан институт талабаларига олий таълимнинг асосий касбий таълим дастурларини ўзлаштириш учун зарурий шароитларини яратиб берилиши лозим.

Таълим-тарбия жараёнининг бирлиги давлат таълим стандартлари билан таъминланади. Институтнинг ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар фанлари кафедралари, маънавий-маърифий ва спорт бўғинларига, талабалар ва бошқа жамоатчилик ташкилотларига, раҳбарлик қилиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор томонидан амалга оширилади.

28. Институтда ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари белгиланган: маъруза, консультация, семинар, амалий машғулот, лаборатория иши, назорат иши, коллоквиум, мустақил иш, амалиёт, курс лойиҳаси (курс иши), бакалаврлик битирув малакавий иши ҳамда магистрлик диссертацияси.

Аудитория машғулотларининг барча турлари учун 80 дақиқалик (танаффуссиз қўшма маъруза) академик соат белгиланган. Ўқув машғулотлари орасидаги танаффус камида 10 дақиқа бўлади.

Таълим ва тарбия олиб бориладиган тиллар: ўзбек, рус, инглиз тиллари ҳисобланади.

29. Институтда кадрлар тайёрлаш ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олиб борилади.

Институтнинг асосий касбий таълим дастури доирасида таълим олишнинг барча шакллари учун ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилган ва “Ўзстандарт” агентлигида давлат рўйхатидан ўтказилган давлат таълим стандарти қўлланилади.

30. Институтда ўқув йили икки семестрга бўлинади ва унинг ҳар бирида талабаларнинг ўзлаштириши рейтинг назорати шаклида олиб борилади.

Ўзлаштирувчи талабаларни курсдан-курсга ўтказиш факультет деканининг тавсиясига биноан ректор буйруғи билан амалга оширилади. Талабаларни курсдан курсга шартли ўтказиш мумкин эмас.

Институтнинг таълим дастурларини ўзлаштириш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ва Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилган “Олий таълим муассасалари талабалари билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги Низом”га мувофиқ тартибга солинади. “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги Низом”га асосан битирувчиларнинг якуний аттестацияси билан тугалланади.

31. Институтда илғор педагогик ва ахборот технологиялари, таълимни индивидуаллаштириш ва мустақил таълим олиш воситаларини, модул тизими ҳамда масофавий таълим беришни қўллаш ҳисобига мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга йўналтирилган илмий-услубий ишлар амалга оширилади.

2) Олий ўқув юртидан кейинги таълим:

Институтда қуйидаги докторантура ва мустақил изланувчилик институти мавжуд:

докторантура ихтисосликлари номлари:

05.07.01 – Қишлоқ хўжалиги ва мелиорацияси машиналари, қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш;

05.07.02 – Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини ишлатиш, тиклаш ва таъмирлаш;

05.09.06 – Гидротехника ва мелиорация қурилиши;

05.09.07 – Гидравлика ва муҳандислик гидрогеологияси;

06.01.01 – Умумий деҳқончилик. Пахтачилик;

06.01.02 – Мелиорация ва суғорма деҳқончилик;

06.01.04 – Агрокимё;

06.01.05 – Селекция ва уруғчилик;

06.01.06 – Сабзавотчилик;

06.01.08 – Ўсимликшунослик;

06.01.09 – Ўсимликларни ҳимоя қилиш;

06.02.01 – Қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини урчитиш, кўпайтириш, селекцияси ва генетикаси. Ипакчилик. Қоракўлчилик;

08.00.04 – Қишлоқ хўжалик иқтисодиёти;

08.00.08 – Бухгалтерия хисоби, иқтисодий таҳлил ва аудит;

08.00.13 – Менежмент.

32. Институтда олий ўқув юртидан кейинги таълим доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестатсия Комиссияси томонидан тасдиқланган “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар мутахассисликлари рўйхати”га мувофиқ илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, шунингдек, фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини олиш учун диссертациялар тайёрлаш ва ҳимоя қилиш учун институтга докторант ва мустақил изланувчиларни бириктириш ишлари амалга оширилади.

33. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 12 июндаги Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-4732-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 21 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Олий таълим муассасалари педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 273-сонли қарорига мувофиқ кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича касбий таълим дастурлари амалга оширилади.

Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш факультетида ўқиш натижаларига кўра ўрнатилган тартибда тасдиқланган давлат намунасидаги сертификат (диплом) берилади.

34. Институтда Илмий кенгаш томонидан тасдиқланган мавзулар, режалар бўйича бажариладиган ишларнинг сифати ҳамда меҳнат хавфсизлиги таъминланган ҳолда талабалар, магистрантлар, докторантлар ва мустақил изланувчилар кенг жалб этилиб, илмий-тадқиқот ва ижодий ишлар олиб борилади.

Илмий-тадқиқотлар қуйидаги маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади:

фан, техника ва маданиятнинг муҳим йўналишлари бўйича фундаментал, амалий ҳамда инновацион тадқиқотларни бажариш учун ажратиладиган давлат бюджети маблағлари;

шартнома асосида соҳавий вазирликлар, идоралар, корхоналар, бирлашмалар ва бошқалар, шу жумладан, хорижий ташкилотлар маблағлари;

олиб борилган илмий-тадқиқот натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш асосидаги тушумлар;

бюджетдан ташқари маблағлар;

ҳомий ташкилот ва корхоналар;

маҳаллий бюджет маблағлари.

V. Институтнинг таркиби

35. Институтнинг таркибига қуйидагилар киради:

а) Факультет ва кафедралар:

Агробиология факультети:

Деҳқончилик ва мелиорация кафедраси;

Ўсимликшунослик кафедраси;

Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги кафедраси;

Соя, мойли ва дуккакли экинлар кафедраси;

Ўрмончилик, доривор ва зиравор ўсимликлар кафедраси.

Агроинженерия ва гидромелиорация факултети:

Қишлоқ хўжалиги машиналари ва техник сервисни ташкил этиш кафедраси;

Электр энергияси ва насос станцияларидан фойдаланиш кафедраси;

Гидротехника ва мелиоратив иншоотлар кафедраси;

Хорижий тиллар кафедраси;

Ўсимликлар ҳимояси, агрокимё ва тупроқшунослик факультети:

Ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедраси;

Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини кафедраси;

Агрокимё, тупроқшунослик ва органик маҳсулотлар етиштириш технологиялари кафедраси;

Ўзбек тили, педагогика ва жисмоний маданият кафедраси.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш факултети:

Интенсив сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжаликлари;

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш технологиялари кафедраси;

Зооинженерия ва ипакчилик кафедраси;

Физика ва кимё кафедраси;

Гуманитар кафедраси.

Агробизнес ва рақамли иқтисодиёт факултети:

Агробизнес ва маркетинг кафедраси;

Бухгалтерия ҳисоби. Таҳлил ва аудит;

Қишлоқ хўжалигида рақамли иқтисодиёт ва статистика кафедраси;

Ахборот технологиялари ва математика кафедраси.

Ўзбек-Белорусь қишлоқ хўжалиги қўшма факультети:

б) Бошқарма, бўлим ва марказлар:

Ўқув ишлари бўйича проректор:

Ўқув-услубий бўлим;

Таълимни кредит тизимини бошқариш бўлим;

Қўшма таълим дастурларини жорий этиш бўлим;

Сиртқи (махсус сиртқи) бўлим;

Магистратура бўлим;

Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази;

Ахборот-ресурс маркази;

Малакавий амалиётларни ташкил этиш бўлими.

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор:

Илмий-тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими;

Иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш бўлими;

Харқаро ҳамкорлик бўлими;

Таҳририй-нашриёт бўлими;

Илмий-инновацион фаолият натижаларини тижоратлаштириш бўлими.

Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор:

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими;

Психолог;

Талабалар турар жойи;

Санъат саройи.

Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва ахборот коммуникация технологиялари масалалари бўйича проректор:

Ахборот технологиялар маркази;

Ўқитишнинг техник воситалар бўлими;

Профессионал таълим муассасалари билан ишлаш бўйича проректор:

Профессионал таълим муассасалари билан ишлаш бўлими.

Академик лицей ва техникумлар.

Бухгалтерия;

Режа-молия бўлими;

Ишлар бошқармаси бошлиғи;

Техник-фойдаланиш ва хўжалик бўлими:

Бош муҳандис;

Бош энергетик.

Фуқаро ва меҳнат муҳофазаси бўлими;

Ректор ёрдамчиси;

Кенгаш котиби;

Мониторинг ва ички назорат бўлими;

Таълим сифатини назорат қилиш бўлими;

Ходимлар бўлими;

Юрисконсульт;

I ва II бўлимлар;

Девонхона ва архив;

Матбуот котиби

Буюртмалар портфелини шакллантириш, битирувчиларни ишга тақсимлаш ва мониторинг бўлими;

Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш илмий-амалий маркази” ДУК (“Биосервис”);

“Қишлоқ хўжалигида инновацион ишланмалар ва маслаҳат маркази” ДУК (Андижон вилояти Андижон тумани)

в) “Ахборот-маслаҳат маркази” (Extention center) ДУК (Андижон вилояти, Андижон тумани). Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2019 йил 19 августдаги ПҚ-4421-сонли қарори билан
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича “ахборот-маслаҳат маркази – кафедра – қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси” тизимини жорий этиш мақсадида ташкил этилган.

г) Олий мактаб. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
19 августдаги ПҚ-4421-сонли қарори билан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган кичик бакалаврлар (Associate degree) тайёрлаш бўйича таълим дастурлари амалиётга жорий этишга мўлжалланган.

36. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги
ПҚ-4391-сонли қарорига мувофиқ
институтнинг тузилмаси ректор томонидан олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ бўйсунуви бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

VI. Институтни бошқариш

37. Институтни бошқариш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ҳамда ушбу Уставга мувофиқ якка раҳбарлик ва институтнинг Илмий кенгаши, Васийлик кенгаши орқали жамоатчилик бошқарувини уйғунлаштириш тамойили асосида амалга оширилади.

38. Институтни бевосита бошқариш Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 1992 йил 9 март 137-ф-сонли фармойишида белгиланган тартиб асосида тайинланадиган ректор томонидан амалга оширилади.

ректор институт фаолиятига, шунингдек, институтнинг Ички тартиб қоидалари, одоб-аҳлоқ қоидалари ҳамда мазкур Уставда белгиланган мажбуриятлар учун тўла масъулдир.

Ректор Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ институт номидан иш олиб боради, барча идоралар, муассасалар, корхоналарда унинг вакили сифатида қатнашади, институтнинг мол-мулкига масъуллик қилади, шартномалар тузади, ишончномалар беради, банк муассасаларида институтнинг ҳисоб рақамларини очади, молиявий маблағлардан ўрнатилган тартибда фойдаланиш бўйича фармойишлар беради.

Ректор институтнинг ваколати доирасида:

Институт фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда институтга юкланган мақсад ва вазифаларни бажарилиши учун жавобгар ҳисобланади;

Факультет деканлари, бош бухгалтери ва бош бухгалтер ўринбосари-аудиторни лавозимига ректор томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод қилади;

Институт проректорлари лавозимига номзодларни тавсия этади ва проректорлар, деканларнинг муайян вазифалари ҳамда масъулиятларини белгилайди;

Институт ходимлари ва хизматчиларини, шунингдек илмий-педагогик ходимларни Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ишга олиш ва бўшатишни амалга оширади;

Юридик хизмати ходимларини тегишли адлия органи билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади.

Институт таркибига кирган илмий-тадқиқот, тажриба-экспериментал ҳамда бошқа ташкилот ва бўлинмаларнинг вазифаларини белгилайди ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Институт ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик устамалар ва қўшимчаларни белгиланган тартибда белгилайди (ректор ва проректорлар бундан мустасно);

Касаба уюшма қўмитаси ёки институтнинг бошқа ваколатли органи билан келишган ҳолда институтнинг Ички тартиб қоидаларини тасдиқлайди;

Институтнинг амалдаги қонун ҳужжатлари ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган буйруқларини бекор қилади;

Институтда Намунавий штат бирликларига мувофиқ ажратилган маблағлар ҳамда иш ҳақи фонди, тасдиқланган институт ходимларининг сони ва лавозим маошлари, тариф сеткаси доирасида институт профессор-ўқитувчилари таркиби ва институт ходимларининг штат бирлигини тасдиқлайди ҳамда лавозим маошларини белгилайди;

Институт Илмий кенгашининг тавсиясига кўра, ўрнатилган тартибда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ факультетларни, кафедраларни очиш ёки ёпиш қарорларини тасдиқлайди.

Олий таълим муассасасининг кафедраси тўғрисидаги Низом” талабларидан келиб чиққан ҳолда институт Илмий кенгашининг тавсиясига кўра, кафедралар ташкил этилади ёки тугатилади.

Институт ректорига ўзи ишлаётган институтда ва ундан ташқарида ҳақ тўланадиган бошқа раҳбарлик лавозимида (илмий ва илмий-методик раҳбарликдан ташқари) ўриндошлик бўйича ишлашга рухсат этилмайди. Ректор ўз вазифаларини ўриндошлик бўйича бажариши мумкин эмас.

39. “Олий таълим тўғрисидаги Низом”га мувофиқ институтда институт фаолиятининг асосий масалаларини кўриш учун Илмий кенгаш ташкил этилади.

Илмий кенгаш таркибига ректор, проректорлар, факультетлар деканлари ҳамда мутахассислар тайёрловчи кафедра мудирлари, шунингдек, талабалар ва олий таълим муассасаси ходимлари касаба уюшмаси кенгаши вакиллари ҳамда бошланғич Ёшлар иттифоқи киради. Ректор Илмий кенгаш раиси ҳисобланади. Илмий кенгашнинг бошқа аъзолари умумий мажлисда (конференцияда) яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Профессор-ўқитувчилар таркибидан Илмий кенгашга сайланадиганлар сони ректор буйруғи билан белгиланади.

Илмий кенгаш институтнинг умумий раҳбарлигини амалга оширадиган коллегиал орган ҳисобланади. Илмий кенгаш аъзоларининг сони институт ходимлари ва талабалари сонига нисбатан белгиланади.

Илмий кенгаш институтнинг бошқарув органлари ва бўлимлари таклифларини инобатга олган ҳолда иш режасини тузади.

Илмий кенгашнинг қарори, агар овоз беришда Илмий кенгашнинг тасдиқланган таркибидаги аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Илмий кенгашнинг овоз беришда қатнашган аъзоларининг кўпчилик овозни олган бироқ, камида 50 фоиз овози бўлса, қарор қабул қилинган, деб ҳисобланади.

40. Илмий кенгашнинг ваколатлари:

конференцияларни ташкил этиш, шунингдек, унинг ўтказилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

институтни ривожлантиришни асосий истиқболли йўналишларини, шу жумладан, унинг таълим ва илмий фаолиятини белгилаш;

ўқув жараёнини ташкил этишнинг асосий масалалари, шу жумладан, талабаларни қабул қилиш қоидаларини белгилаш, ўқув режасини тузиш, талабаларни ўқитишнинг амалдаги тартибини тартибга солиш, якуний назоратлар бўйича талабаларни ўзлаштириши натижаларини кўриб чиқиш;

молиявий-хўжалик фаолиятини режасини ва институтни ривожлантириш дастурини кўриб чиқиш;

институт ректорининг йиллик ҳисоботларини тинглаш;

таълим, илмий-тадқиқот масалалари бўйича ахборот таҳлилий, молиявий-иқтисодий фаолиятини, шунингдек, институтнинг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича қарорларини қабул қилиш;

Илмий кенгашнинг иш режасини тасдиқлаш;

институт профессор-ўқитувчиларидан номзодларни илмий унвонлар олишга тавсия қилиш;

институтнинг фаолиятини амалга оширувчи таркибий бўлимларни тузиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш (илмий, илмий-тадқиқот ва илмий-техник лаборатория фаолиятини амалга ошириш, илмий-техник фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотларнинг таълим фаолиятини амалга оширувчи бўлимлар ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида);

институт педагогик ходимларини Илмий кенгашда танлов бўйича ўтказиш;

институт ходимларини Давлат мукофотларига тавсия бериш;

Илмий кенгаш томонидан тасдиқланган қоидалар асосида фахрий унвонлар бериш;

институтда талабалар учун стипендия масалаларини тартибга солувчи қоидаларни тасдиқлаш;

Давлат ва номдор стипендияларига талабалар номзодларини тавсия қилиш.

41. Институтда Васийлик кенгаши институтни бошқарувчи жамоатчилик органи ташкил этилади ва унинг таркибига муассасалар, вазирликлар, маҳаллий ҳокимият, ишбилармон доиралар, жамоатчилик ташкилотлари, жамғарма ва васийлар ҳамда бошқа таълим муассасаларининг вакиллари киради.

Васийлик кенгашининг ваколатлари, шакллантириш таркиби ва фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 майдаги “Олий таълим муассасасининг васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 129-сонли қарорига мувофиқ белгиланади. Васийлик кенгаши институт ректори вазифасини бажарадиган муддатга тайинланади.

42. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 августдаги ПҚ-4421-сонли қарори билан қишлоқ хўжалиги соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолият олиб боради. Унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

маъмурий бўйсунишидан қатъий назар қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамда унинг тармоқлари бўйича изланишлар олиб бораётган, кадрлар тайёрловчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги талаб ва илғор хорижий тажрибалар асосида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида Давлат таълим стандартлари, малака талабалари, ўқув режа ва фан дастурларини тизимли равишда такомиллаштирилишини таъминлаш.

Институт қишлоқ хўжилиги соҳасида юқори малакали илмий-педагок кадрлар ва мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ички органи ҳисобланади.

43. Ўзбекистон Республкаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 28 июлдаги 670-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги намунавий Низом” асосида институтда Жамоатчилик кенгаши фаолият олиб боради.

44. Институтда Институт касаба уюшмаси қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва Хотин қизлар қўмитаси жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади.

Институт касаба уюшмаси қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва Хотин қизлар қўмитаси жамоатчилик ташкилотлари фаолияти жамоа шартномалари ва бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашни касаба уюшмаси марказий кенгаши ҳамда уларнинг институтда сайланган вакили амалдаги қонунчилик асосида ўз иш фаолиятини олиб боради.

45. Институтнинг мажбуриятлари:

институт муваффақиятли фаолият юритишига, меҳнат маданияти ва интизоми кўтарилишига эришиш, ишловчиларнинг касб маҳоратини юксалтириш, тариф ставкаларини амалдагиларига нисбатан пасайишига йўл қўймаслик;

ишлаб чиқариш дастурини бажариш учун меҳнат жамоасини моддий-техник ресурслар ва молиявий маблағлар билан ўз вақтида таъминлаб бориш;

меҳнат унумдорлигини юксалтириш, илғор тажрибани ўзлаштириш, фан ва техника ютуқларини амалиётга жорий этиш учун барча шарт-шароитларни яратиш;

ишлаб чиқариш дастурининг бажарилиши, институтнинг молиявий аҳволи ва олинган фойданинг ишлатилиши ҳақида меҳнат жамоасини мунтазам хабардор қилиб бориш;

институтнинг ўзида, ходимлар учун касбий тайёргарлик, бошқа касбга ўргатиш, малака ошириш ишларини олиб бориш;

жамоа шартномасини тузишга, унинг бажарилиши устидан назоратни йўлга қўйишга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида, бошқа қонунларида, институтнинг таъсис ҳужжатларида, жамоа келишувларида ҳамда жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа масалаларга оид маълумотларни Касаба уюшма қўмитасига тақдим этиб бориш;

белгилаб қўйилган меҳнат тартиби доирасида касаба уюшма қўмитаси билан ҳамкорлик қилиш, ўзаро таклифлар ва талабларни ўз вақтида кўриб чиқиш, меҳнат баҳсларини музокара йўли билан ҳал этиш.

Амалдаги низомларга мувофиқ институтда илмий-услубий, илмий-техник кенгашлар ва комиссиялар, ёш олимлар кенгаши ва бошқалар ташкил этилиши мумкин. Ректорат ва Илмий кенгаш ўз фаолиятида институт жамоат ташкилотларининг тавсияларини кўриб чиқади ва ўз фаолиятларида уларни ҳисобга олади.

46.  Факультет декани ўз фаолиятида “Факультет тўғрисида”ги Низомга амал қилади. Факультетда кенгаш ташкил этилади, Кенгашнинг таркиби, ваколатлари, шакллантириш ва фаолиятининг тартиби “Факультетнинг Кенгаши тўғрисида”ги Низом билан белгиланади.

47. Кафедра фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ танлов асосида институтнинг Кенгаши томонидан сайланадиган кафедра мудири раҳбарлик қилади. Кафедра мудирининг ваколатлари ва кафедра фаолиятининг тартиби “Олий таълим муассасасининг кафедралари тўғрисидаги низом” асосида ва хизмат мажбуриятлари билан белгиланади.

VII. Институтнинг молия-хўжалик фаолияти ва
моддий-техник базаси

48. Институтга ушбу Уставда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш ва фойдаланиш мақсадида давлат томонидан бинолар, иншоотлар, мулкий мажмуалар, институтнинг паспортига мувофиқ асбоб-ускуналар, шунингдек, истеъмол, ижтимоий, маданий ва бошқа мақсадлар учун зарур бўлган мулклар бириктирилган.

Институт Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга ошириладиган давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган объектлар қаторига киритилган. Институтга ажратилган ер участкалари муддатсиз бепул фойдаланиш учун бириктирилган.

49. Институтга жисмоний ва юридик шахслардан совға, ҳадя ёки васият бўйича берилган пул маблағлари, мол-мулк ва бошқа мулкий объектларга, институт фаолиятининг самараси ҳисобланган интеллектуал ва ижодий маҳсулотларга, шунингдек, ўз фаолияти орқали оладиган даромадлар ва бу даромадлар ҳисобидан сотиб олинадиган мулкий объектларга эгалик қилиш ҳуқуқи берилган.

50. Институт мол-мулкни ижарага олувчи ва мол-мулкни ижарага берувчи сифатида фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ институт ўзига бириктирилган ижарага берилиши қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бинолар, иншоотлар ва уларнинг қисмлари, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари шаклидаги давлат мулки ва бошқа мол-мулкларни Илмий кенгашнинг розилиги билан тасарруф этиш ҳуқуқисиз, белгиланган нархлар бўйича ижарага беришни амалга оширади.

Ижара ҳақи сифатида олинган маблағларнинг тегишли қисми таълим жараёнини ривожлантириш учун фойдаланилади.

51. Институтнинг таълим фаолиятини молиявий таъминлаш давлат грантлари асосида мутахассислар тайёрлаш учун ажратилган бюджет маблағлари, давлат томонидан белгиланган меъёрларидан келиб чиққан ҳолда қайта тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш ҳисобига ажратилган маблағлар, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар, жумладан, талабалар ва тингловчиларни ўқитиш учун белгиланган тартибда олинган тўлов-шартнома асосидаги маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

52. Институтнинг асосий фаолиятидан четланмаган тартибда таълим ва бошқа соҳаларда пуллик хизмат фаолиятини амалга ошириш мумкин. Институтда шуғулланадиган тадбиркорлик фаолияти унинг уставида белгиланган вазифаларга мос келиши керак.

Институт пуллик таълим хизматлари, консультациялар ва бошқа хизматлар учун нархларни белгилаш, солиқ ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбурий тўловлардан сўнг қолган даромадни мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эга.

Институт Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ҳамда мазкур Уставга зид бўлмаган шартномаларни тузиш, мажбуриятлар ва бошқа шартларни белгилаш бўйича масалаларни мустақил ҳал қилади.

53. Институтда лавозим маошлари “Олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ белгиланади. Институт ходимига лавозим маоши, ўз функционал вазифаларни ҳамда меҳнат шартномасида назарда тутилган ишларни бажарганлиги учун тўланади. Қўшимча маош, устама, моддий ёрдам ва бошқа моддий рағбатлантириш тадбирларининг ҳажмини ин мустақил, иш ҳақи фонди доирасида қонунчиликда назарда тутилган тартибда ва ҳажмда белгилайди.

54. Институтда ташкил этилган жамоат ташкилотларига фаолият кўрсатишлари учун зарур бўлган хоналарни ажратади. Институт ҳудудида жойлашган талабалар, тингловчилар ва ходимларга хизмат кўрсатувчи ошхона, буфетлар ва бошқа умумий овқатланиш муассасаларига иситиш, ёритиш ва сув таъминоти билан таъминланган хоналар ажратилади.

Институтнинг тегишли биноларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ёки янгиларини қуриш, уларнинг молиявий таъминоти қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

VIII. Халқаро ҳамкорлик

55. Институт Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасига мувофиқ таълим муаммолари юзасидан халқаро ҳамкорликда иштирок этадилар, хорижий давлатларнинг тегишли ўқув юртлари билан бевосита белгиланган тартибда алоқалар ўрнатиш ҳуқуқига эга.

Чет эл фуқароларини ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, таълим муассасаси илмий-педагогик ходимларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ўқитувчилик ва илмий-тадқиқотчилик ишлари давлатлараро органининг хорижий давлатларнинг таълимни бошқариш бўйича тегишли органлари орасидаги шартномалар, шунингдек, институтнинг қонунчиликка мувофиқ чет эл фуқаролари ва хорижий юридик шахслар билан бевосита тузган шартномалари асосида амалга оширилади.

56. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари деб қаралиши мумкин бўлмаган, хорижий шериклар билан ҳамкорликдаги фаолият тўғрисида белгиланган тартиб асосида шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

57. Институт Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ушбу Уставда назарда тутилган ва “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга, шунингдек, халқаро алоқаларни ривожлантиришга йўналтирилган ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

58. Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари асосида қўшма таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш. Бунда, хорижий олий таълим муассасаларининг ҳамкорлик шартномаларида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.

IX. Якуний қоидалар

59. Институт Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда қуйидагиларга жавоб беради:

унинг ваколатига киритилган вазифаларни бажармаганлиги ёки етарли даражада ва сифатсиз бажарганлигига;

таълим жараёнида ўқув режа ва жадвалларга мувофиқ таълим дастурлари ҳажмини тўлиқ бажармаганлигига;

таълим жараёни вақтида институтда талабалар, тингловчилар, докторантлар, профессор-ўқитувчилар ва бошқа ходимларнинг ҳаёт хавфсизлигига;

таълим олувчилар ва институт ходимларининг ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилганлигига;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган бошқа хатти-ҳаракатларга.

60. Институт фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

61. Мазкур Устав Қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғи билан тасдиқлангандан сўнг, ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади ва кучга киритилади.

Ушбу Уставга ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш Қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.